воскресенье, 24 апреля 2016 г.

Дўстлик назарийми?

Укам ва унинг ўртоқлари қўли гул уста бўлиб бормоқда, уларнинг ҳаммалари биргалашиб  жуда кўплаб ишларни тинчитиб юборишида бу ҳунар қўл келмоқда.
Бу 5-6 ўртоқ  ишларини шундай режалаштирадиларки,  қайси ўртоғининг уйида қандай қурилиш режалаштирилган, қачон боришларини маслаҳатлашиб, дарҳол уюшиб беминнат ўша ўртоғиникида ҳашар қилиб кетаверишади. Шундай қилиб улар ўша ўртоғи устага берувчи пулини рўзғорининг бошқа камига ишлаттиришади, Ажойиб дўстларнинг меҳр-оқибатини кўриб ҳавас қиламан.
Ўтган йили эски уйни бузмоқчи бўлдик, укам бир оғиз айтиши билан дўстлари етиб келиб ишни бошлаб юборишди. Эски уйни бузганлар билишади: уйдан чиққан тупроқ гўёки тоғ бўлди, азаматлар тупроғини алоҳида, синч-ёғочни алоҳида қилиб ташлашди, яна камига  бизнинг борлигимизда битиб қолади, дея ҳали мўлжалимизда бўлмаган пойдеворини хам қуйиб кетишди. Ҳар куни бизникидан чиқиб, яна бир ўртоғиникида кечки пайт уйини гипс сувоқ қилиб беришгаям улгуришди шоввозлар… Ёзда янги уйни тиклаб қўйишга эришдик. Кузда яна ёрдамга келдилар, биргалашиб уйнинг томини ёпишди. Янги уй ва акамнинг уйини томини ёпишга ҳам 12-20 кун вақтлари кетди. Бу орада бир уйланадиган дўстлари уйини яна ўртага олиб ҳашар қилиб ташладилар ва биратўла йигитни уйлантиргач, кўнгиллари тинчиб қишда дам олдилар. Эрта баҳор бўлиши билан яна бизникида  ҳозир бўлишди, бу сафар ўтган йили ўзлари қурган ва томини ёпган уйни сувоқдан чиқаришди. Сувоқдан чиқариб бўлишига фалокат бўлиб, акамнинг уйига электрдан қисқа туташув натижасида ўт кетди. Янги ёпилган том бутунлай ёниб кетди. 3 ой олдин қурилган, ярақлаб кўзни қувнатган тунука том кўмир каби тус олиб, қараганда этни жунжиктирадиган аҳволга тушиб қолди… Укамнинг ўртоқлари ҳамма қатори далда бўлиш билан бирга, одатдагидек, амалий ишга тушиб кетдилар: бу сафар куйган томни бутунлай очиб, тунукаларни олиб ташлаб, томни сувоқ қилиб беришди, бу эса ҳар сафар ёниб  куйиб томни кўриб юраги сиқилаётган оила аъзоларимиз уни тезоқ унутишига сабаб бўлди…
Ҳар сафар ушбу йигитларнинг ишларини кўрганимда, дўстлик, меҳр-оқибат биз ўзбекларнинг қон-қонимизга сингиб кетганига амин бўламан. Булар бошқалар каби бир бирини фақат тўй-тантаналарида эмас, ҳар қандай оғир ёки енгил кунларида елкасини тута оладиган мард, танти қишлоқ йигитларидир! Булар бир-бирларининг бир оғиз гаплари учун ўз ишларини ташлаб бўлса-да ҳозир бўлувчи холис ёрдамчилар! Бу йигитлар, ҳашар - яхши одат, деган гапларни шунчаки айтиб эмас, амалда исботлаб юрадиган азаматлар!
Ўйланиб қоламан: нега биз бир-биримизникига ҳашарга бормай қўйдик, бунга сабаб нима, вақт камлигими ёки бир ўртоғингизни ҳашарга чақиргандан кўра ўша ишга пул бериб ёлланма ишчи солиш афзал бўлиб қолдими? Ёки биз тирикчиликкка шунчалар қаттиқ берилиб, дўстга ёрдам - фақат маслаҳат бериш, деб ўйлайдиган бўлиб кетдикми? Ота-боболаримиз ўз ҳунарларини ҳам қилишган, ҳам маҳаллада ҳашар дейилса, битта кетмонни кўтариб кетишган-ку? Эслайман, қишлоғимдаги охирги ҳашарни мен мактабга киришим арафасида, 90-йилларни бошида кўргандим. Ўшанда бир амаки отга миниб қишлоқда “фалончи аканикига ҳашарга”дея бақириб ўтган эди, барча йиғилиб, синч қуриб, гувала уриб маҳалладошимизнинг уйини битказишган эди. Хозир ўша уйни ҳар кўрганимда инсонларни бир-бирларига бўлган меҳр-оқибат рамзини кўргандек бўлиб кетаман…
Укамнинг дўстларини ҳурмат қиламан: улар  ўзбегимнинг ушбу йўқолиб бораётган гўзал анъанасини, ҳеч йўқ, ўз дўстлари учун тиклашди! Эртага улардан ўрнак олиб маҳалланинг бошқа ёшлари ҳам тиклашади, улардан кичиклар ҳам бу анъанани давом эттиришади… Зеро, ҳашар миллатимизнинг энг гўзал анъанаси, бу қадрият, анъанани ота боболаримиз ҳеч қандай таажжубсиз, оддий ҳол деб қабул қилишган,  ният қиламанки, эртадан кейин бизнинг ёшларимиз маҳалладошлар  маҳалла-кўйдаги бирор кишининг уйини ҳеч бир манфаатсиз, мажбуриятсиз қуриб берганини эшитишса, йўғе, дея ҳайронлик билан қабул қиладиган бўлиб қолмасинлар! Бизда асрлар давомида қадрланиб келган ибора ўйлайманки, ишонаманки, ҳеч қачон ўз қадрини йўқотмайди. Ҳашар - элимизга ярашар!

Ишдан вақтлироқ бўшаб, уйдаги томорқа юмушларини қилиб туриб, бир дўстимга иш билан телефон қилдим. Гаплашиб, юмушимни битказгач, ишларини сўрадим, моллар турадиган оғилхона қуряпмиз, деб қолди. Айни вақтда томга тупроқ олмоқдалар экан: Томорқа ишимни йиғиштирдим-да, дўстимникига ҳашарга жўнадим!











Комментариев нет:

Отправить комментарий