понедельник, 7 мая 2018 г.

Таълим, инқироз ва умид

sof.uz saytida e`lon qilingan maqolam

Таълим ҳаёт ва мамот эканлигини мен айтмасам ҳам ҳамма билади, шу ҳаёт-мамот масаламиз ахволи қандай, таълим тизимида ислоҳотлар қандай кетяпти, муаммоларни қай йўл билан бартараф этиш керак. Шу ҳақда мактабни ичида юриб ва ижтимоий тармоқларни кузатиб ушбу фикрлар туғилди. Таълим тизимида 14 йил ишлаб, катта-кичик муаммоларни ва ютуқларни кўриб билган одам сифатида ушбу мақолани ёзишга ҳақлиман деб ўйладим.

Таълим сифатига салбий таъсир кўрсатувчи муаммолардан бири ўқитувчиларнинг бошлиқлари кўплигидадир. Ўқитувчилaр бюджетдан текин ойлик олади, деб фикрлайдиган даражадаги рахбарлар томонидан ўқитувчиларни қишлоқ хўжалик ишларига, маҳалла ишларига, мажбурий обуналарга  ва энг ачинарлиси кўча тозалашларга кечирасиз-у эксплуатация қилиниш холлари телевидения томонидан ҳам баралла айтилмоқда. Тўғри, секин-аста бу муносабат юмшатилаётганини ҳам кўриб турибмиз, лекин барибир бу муаммо турар экан, буни муаммо ўлароқ кўрмайдиган Халқ таълими вазири: «Ўқитувчи фақат дарсга кириб, таълим бериши керак эмас. Педагог ўз маҳалласининг фаоли бўлиши жоиз. Маҳалла аҳли ва фаоллари ўртасида жамиятдаги ислоҳотларни тарғиб қилсин. Керак бўлса, уйма-уй юриб, тушунтириши лозим» - деб таъкидлар экан, ўқитувчини гирдибонидан бўғиб ундан яхши  кайфиятда сифатли дарс ўт, дея талаб қилишга ҳаққимиз йўқ.

Кейинги муаммо - қоғозбозлик ва бюрократия муаммоси. Биласизми бир гап айтмоқчиман, мен ҳар бир дарсга дарс ишланма ёзаман, ва энг қизиғи дарсда бирон марта ҳам ундан фойдаланмайман, дарсда фалон-фалон усулларда ўтаман, дейман, лекин синфхонага кирдимми, мавзуни истаган усулда болаларнинг кайфиятига, уларнинг ўртага ташлаган саволларига қараб ўтавераман. Шунинг учун, ҳаттоки, дарс ишланма ҳеч бўлмаса 10 йил педагог бўлиб ишлаган ўқитувчи учун шарт эмас, деб ўйлайман. Ўқитувчи шунча йил дарс ўтдими, китобларнинг қайси саҳифасида қайси мавзу борлигини ёддан билади. Унга ҳар сафар бир хил конспектни қайта-қайта ёздиришга кетадиган вақтда ўз соҳаси бўйича ўқувчиларга бирон янгилик бера оладиган қўшимча китобларни ўқишга вақт берайлик, агар инглиз тили ўқитувчиси бўлса инглиз тилидаги  киноларни кўришсин, талаффузини ростласин. Энсангизни қотирдимми, парадокс эшитдингизми, аслида конспектдан кўра кераксиз юзлаб қоғоз-у ҳисоботларни керак бўлса уйига олиб кетиб тўлдириб юрган бечора ўқитувчини ўша қоғозлардан қутқара олмаяпмизу, конспектларни гапиришга нима бор, демоқдасизми, осилсанг баланд дорга осил, деб мен биратўла таълимда ҳатто ўқитувчилар ҳам усиз тасаввур қила олмайдиган конспект аслида кераксиз эканлигини исботламоқчиманки,  йиллик, ойлик юклама хисоботлари, ўз устида ишлаш дафтари, иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш режалари, бўш ўзлаштирувчи ўқувчилар билан ишлаш режалари, методик бирлашма ҳужжатлари, фан ойлиги ҳужжатларини эса гапиришни лозим деб ўтирмадим, ҳамма тушуниб қўя қолсин энди.
( ҳужжатлар тўлиқ руйхати билан куйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин)

Навбатдаги муаммо кадрлар сифати. Истаймизми йўқми, мактабларни шунча капитал ва жорий ремонтлар қилиб, замонавий компютер воситалари билан таъминласак-да, таълим сифати ўсаётганини кўрмаяпмиз. Чунки таълимдаги  энг ҳал қилувчи омил  бўлган педагоглар онгини ўзгартирганимиз йўқ, бу тизимдаги жуда кўплаб мутахассисларда совуққонлик ва боқибеғамлик авж олиб улгурганки, мана шундай бир хил қолипга тушиб мослашиб кетган ўқитувчилар билан дунёнинг энг замонавий технологияларини қўллаб ҳам уйғота олмаётганимиз муаммолигича қолмоқда. Бунинг учун ўқитувчидан амалий натижа талаб қилган холда ва бу натижани муносиб рағбатлантирган холда бартараф этиш мумкин. Сингапур таълим тизими ҳам шу ҳолдан 60-40 тизими асосида осонгина чиқиб кетган экан. Яъни, ўқитувчи яхши ишламаса 60 % ойлик берилса яхши натижага эришса 40 % қўшиб ойлиги тўлиқ тўланар экан.

Моддий аҳвол. Таълим тизимидаги энг мураккаб муаммомиз. МИБ ташкил қилинди, ойлик 2,5 миллион, харбий соҳаларга 3 миллиондан ортиқ, Aхборот технологияларини ривожлантириш қўмитаси раҳбари Шерзод Шерматов Facebook саҳифасида AКТ соҳасидаги ишчи ўрнига эълон берар экан «Ҳозирги вақтда чет элда ва юртимизга қайтиб келмоқчи бўлса ҳам тегишли шароит яратиб беришга тайёрмиз» - деб эътироф этди. Мана шу ва шу каби бошка барча соҳаларга кадрлар етиштириб берадиган таълим тизими ходимлари нега 500 минг ёки бир миллион сўм билан кун кечиришга мажбур? Моддий тарафдан камсуқум устоз қандай қилиб хотиржам дарс бера олади? Ўқитувчи уйидаги камчилик ва етишмовчиликни ўйласинми ёки таълим берсинми? Яна бир шунга алоқадор нарса, мактабларда эркак ўқитувчиларнинг камайиб кетганлиги сабаби нимада деб ўйлашни ўзингиз биласиз.

Умид
Мана шундай муаммолар гирдобидаги таълим тизимига 23 ёшли чет эл (Aнглия) дипломига эга Aлишер Саъдуллаев вазирнинг ёшлар ишлари бўйича  ўринбосари этиб тайинланди. Нихоят Президентимиз ёшларга энг юқори лавозим бериб синаб кўрмоқда. Мен бу йигит билан Faсebook орқали суҳбатлашгач, Фарғона вилоятига қилган сафари давомида бирга юрдим. Унинг ушбу муаммоларга муносабатини кўрдим, шунга амин бўлдимки, у қаерда учрашувлар ташкил қилса муаммоларни тан олмоқда, ҳеч қандай баландпарвоз гаплар билан овутишга ҳаракат қилмаяпти, очиғини мардларча тан олмоқда, ўзининг ваколатида бўлмаган юқоридаги камчиликларни йўқотишга харакат килмокда, кучи етмаётганига  виждони қийналмоқда, ўзининг масъулиятида бўлган йўналишни эса ҳавас қилар даражада уддаламоқда. Aмалга ошираётган ишлари хақида “Facebook”даги саҳифасида ҳар куни мунтазам ёритиб бормоқда, халқ билан реал ҳаётда ва ижтимоий тармоқда фаол мулоқот қилмоқда. 2017-йил сўнгида лавозимга тайинлланган давр – 6 ойда амалга оширган ишларини халққа ҳисобот шаклида тақдим қилди. Янги йилдан буён эса Республика инглиз тили ўқитувчилар, психологлари ва ёшлар етакчилари учун алоҳида-алоҳида ҳар ойда бир видеоконференсия ташкил этиб, ёшлар билан ишлаш янгиликларини бутун Республика миқёсидаги энг яхши таклифларини алмашиш механизмини ташкиллади. Бу конференсияга энг яхши ўқувчилар билан бир қаторда билими ҳаминқадар бўлаётган ўқувчиларни ҳам қатнаштириб, рағбатлантириб бирга олиб боришни мақсад қилмоқда. Учрашувларда ўз мақсадларини барча туманларда эринмай айланиб айтиб ўтмоқда, шу пайтгача ташкилотчилик борасида кўздан йироқ қолаётган меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳам юқори мақсадлар қўйдириб видеоконференцияда иштирок этишларини таъминламоқда. Учрашувлар жараёнида ёшларга  дангал  айтмоқда, мен шу лавозимга қўйилдимми, ё сизлар билан бирга харакат қилиб бу тизимга янгиликлар, ўзгартиришлар киритиб ёниб ёндирамиз, ёки мен бу жойдан кетаман, эплолмадимми буни менга кераги йўқ, демоқда. Ёшлар ҳаёттига ўзгартиришлар киритамиз, бизнинг раақобатчиларимиз Тошкентда ёки Хоразмда эмас, бизнинг рақобатчиларимиз Японияда, Aнглия ёки Aмерикадаги ёшлардир, биз уларни ақл заковатимиз билан нафақат етиб, балки ортда ҳам қолдиришимиз шарт, дея ёшларни руҳлантирмоқда. Бирга юрган икки кун ичида кунига 5 та туманнинг 1000 дан ортиқ устозлар-у, ўқувчи-ёшлари билан суҳбатлашиб улгурди.
 

Ўйланиб қолдим, таълимга ислоҳот бағишлашга бел боғлаган ёш йигитни бутун Ўзбекистон бўйлаб ҳафталаб ўзгаришлар қилиш учун ёшларни ўз ортидан югуриб келётганини кўриб турибмиз, лекин у улгурмаётганини, битта ўзи етмаётганини у билан бирга юриб ҳис қилдим. Унга барча  жойларда берилаётган мен юқорида санаб ўтган оғриқли муаммолар ҳақидаги умид кўзи билан боқиб берилган ўз йўналиши ва ваколатига кирмайдиган саволларни эшитганда қанчалар виждони қийналаётганига гувоҳ бўлиб юрдим. У ўзгаришлар килмоққа интиляпти ва лекин ёлғизлиги билиниб турибди. Агар тезроқ инқилобий ўзгаришларни таълимда қўллаш ниятимиз бор экан муаммолар гирдобига биргина Aлишерни ташлаб қўйиб томоша қилмаслик керак деб ўйлайман. Ёшларга юқори лавозим бериб синадик, мана бемалол ишончимизни оқламоқда, энди унинг ортидан унга шерик қилиб кўпроқ шу каби ёшларни таълим тизимига, унинг ёнига бутун бир жамоа қилиб жалб қилишимиз керак.

manba:  sof.uz

07.02.2018

Комментариев нет:

Отправить комментарий