суббота, 9 июня 2018 г.

Илм скаутлари


Яна ўз соҳам бўйича гапиришга рухсат этгайсиз:
Нима учун дунёда бўлаётган шов-шувли терактларда онда-сонда  бўлса ҳам ўзбек номи чиқиб қолишига , ёшларимизни чет элда гастербейтер сифатида тасаввур қилинишига гувоҳ бўлмоқдамизу, лекин дунё илм фанидаги кашфиётлар орасида ЎЗБЕКИСТОН номини учратмаяпмиз, илм бу бир қозон бўлса унга ҳар бир халқ ўз масаллиғини солаверади ва ҳамма халқ биргаликда тановул қилаверади, биз ўша масаллиқларни Х-ХI асрларда роса солганмиз, солганда ҳам ўта салмоқли равишда солганмиз-ки, бутун дунё ҳали ҳам ўша биз солган масаллиқлардан бўлган таомни истеъмол қилиб келмоқда, чунки ўша буюк олимларимизнинг хомийларибақувватэди: “Маъмун академиясиқўллаб қувватлаган эди уларни. Ҳозирчи, энди биз деярли истеъмолчи бўлиб қолдик: бўлдими, масаллиқларимиз тугадими? Ахир биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, деб жар солиб яшамадикми?!
Келинг, ижозатингиз билан математикадан ўта иқтидорли бирор ёшнинг хаёт йўлининг бир қисмига назар ташлаймиз. Ундай қобилиятли бола бошланғич синфларданоқ синфнинг бошқа ўқувчиларидан ажралиб туради, ҳар бир синфда ўз тенгдошларидан ўзлаштириши бўйича 2-3 синф олдинда юради, қийналмайди. Устозларнинг роҳати-жони: “қанча берсанг еяверади”. (масалан менинг 6-синфдаги иқтидорлиларим 8-синфдаги квадрат тенгламани ечишни бемалол билади). 9-синфдаёқ улар математикадан олий ўқув юртларига кириш имтиҳонида тушадиган тестларни 36 тадан ё тўлиқ ёки битта ками билан ечиш даражасига етади: тушундингиз: у олий ўқув юртига тайёр! Унга энди Республика миқёсида тенги йўқ ва навбатдаги йўл халқаро майдонларда ўз тенгдошлари билан беллашиш, муаммо эмас - Халқаро олимпиадаларда ҳам медал билан қайтади. Уни мукофотлашимиз керак: марҳамат, Ўзбекистондаги математика фани йўналишидаги олий ўқув юртларига имтихонсиз кириш имконияти билан мукофотлаймиз! Қарсаклар!!! Болани олқишлаймиз, унга қишлоқдаги математикадан қобилияти яхши бўлмаган, минг уринса ҳам кўпайтиришда адашиб кетувчи тенгдошини мисол келтирамиз-да, бу қаҳрамонимиз қанчалар катта чўққига эришганини таъкидлаймиз, ахир у олий ўқув юртига имтиҳонсиз кирди, контрактни орзу қилиб юрганлар қанча бўлган бир даврда грантга кирди! Биз уни ишонтирамиз, шу улкан чўққи эканлигини, ундан бошқа чўққи йўқлигига бола ишонади. Хуллас 11 йил ўз тенгдошларидан катта-катта қадамлар ташлаб олдинда кетган истеъдод соҳиби шу жойда тўхтайди, энди унга қолганлар орқадан етиб келадива у ҳамма қатори хаёт ташвишларига кўмилиб оқимга қўшилади, “миссия бажарилди” - эртак тугади у учун, биз ҳам унутамиз уни, ҳар ҳарда эслаганимизда, шунчаки, ёшлигида математикани зўр биларди, деб эслаб қўямиз
Бизнинг менталитетимизга ўрнашиб қолган бир жиҳат, ёшлар учун олий ўқув юртига кириш энг катта мақсад, ундан кейинги мақсад ҳақида ўйлаб кўрилмайди, кейин шунчаки ҳаёт уммонига қўшилиб сузиб юраверилади. Энг зўр истеъдодни ҳам кейинчалик тўхтаб қолишига сабаблардан бири  ҳам шуки, биз уни болалигидан шу мақсадда танловларда қатнаштирамиз, ютсанг беимтиҳон ўқишга кирасан.  “Иннайкейинчи?” деган саволни ҳеч ким бермайди...
Aслида биласизми бундай ноёб қобилиятли болаларга институтга кириш имтиёзи худди сузиш бўйича чемпионга сузиш баллони совға қилишдек гапдир. Футболда бир соҳа вакиллари бор, улар футбол келажагини яратадилар, улар скаутлардир. Бутун дунё танийдиган Мессини  ёшлигидаёқ истеъдодини англаб унга ҳомийлик қилиб футбол юлдузи бўлишига ҳам скаутлар сабабдир. Чет элда нафақат спортга, балки илм фандан келажаги порлоқ бўлиши  сезилган ёшларни қўллаб-қувватлаб хомийлик кўрсатувчи компаниялар фаолияти туфайли уларнинг билимлари тўхтаб қолмасдан рўёбга чиқади. Бизда ҳам “илм Скаут”лари керакки, улар иқтидорни ёшликдан кўрдими уни мактаб давриданоқ ўз ҳомийлигига олиб, илм фан дунёсида инқилоб ясайдиган даражагасигача елкама-елка туриб, ҳам моддий ҳам маънавий қўллаб-қувватлай оладиган бўлиши керак. Бу ўша иқтидорга ҳам, скаутларга ҳам, Ватанга ҳамда бутун дунё илм фан техникасига ҳам бирдек катта фойда келтиради. Боланинг математик қобилияти чексиз, лекин унда хаётий тажрибаси йўқ, унга йирик компаниялар Скаутлик қилиши керакки,  у ушбу илмини тўхтатмасдан, янада кучайтирсин. Энг катта сармоя илм фанга тикилган сармоя эканлиги ҳозирда аллақачон аксиома даражасига чиқди. Хўш, Скаут кимлар бўлиши мумкин?  Улар йирик компаниялар, жамоат ташкилотлари, нодавлат ташкилотлар, хайрия жамғармалари умуман жамиятнинг исталган бўғини бўлиши мумкин. 
Мен математика фанидан ҳозир  дунёнинг энг кучли олимлари бўлиш эҳтимоли катта бўлган ёшларни  жаҳон математика олимпиадаларидан қидириш осон ечим деб билдим ва 2000-йилдан  буён бу олимпиадаларда мактаб даврида қатнашиб  медалларни қўлга киритган Ўзбекистонлик ва жаҳоннинг бошқа математик ўқувчиларининг кейинги тақдири билан қизиқдим. Қуйида баъзи намуналар келтираман:
https://avva.livejournal.com/2861812.html (maqolani bunday korinishda yuklamasdan saytning nomini qoygan holda sayt soziga linkni gipersilka qilingani yaxshi deb oylayman.) сайтида Гарвард университети статистика бўйича профессори Эндрю Гелман  блогида 1980 йилда 16 ёшида халқаро математика олимпиадасига тайёргарлик дастурида иштирок этгани ҳақида ёзган. У билан бирга бўлган барча талабаларнинг исмларини эслашга уриниб кўрди ва бундан кейин қандай ҳаёт кечирганлигини ёзади, у билан бирга иштирок этган ўқувчилардан  5 нафари Университетнинг  профессори,  Молия соҳасидаги 3 киши, 2 таси эса  дастурчи эканлигини ёзади.
https://en.wikipedia.org/wiki/Christian_Reiher Кристиан Рейкер (Christian Regher)
Кристиан Рейкер (1984 йил 19 апрелда Старнберғда туғилган) - немис математиги. У 2000-2003 йилларда Халқаро математика олимпиадасида тўртта олтин медал, 1999 йилда бронза медални қўлга киритган ва бу олимпиада тарихидаги бешинчи муваффақиятли иштирокчисидир.
У ўша олимпиадада иштирокидан сўнг  Кемниц гипотезасини исботлади, бу фан тарихидаги муҳим муаммолардан бири эди. Шундан сўнг, Мюнҳен университетини математика йўналиши бўйича тамомлади.  2010-йил Росток университетида докторлик диссертациясини ёқлаб докторлик даражасини олди. Ҳозирги вақтда Гамбург университетида профессор бўлиб фаолият кўрсатмоқда.
Tеренс Чи Шен Тао, австралия ва AҚШ математиги, ўқувчилик йилларида, 10 ёшида (!) халқаро математика олимпиадасида қатнашиб дунёдаги энг ёш иштирокчи бўлган ҳолда бронза медалини ҳам қўлга киритган. Бу мусобақада олтин медални қўлга киритганда у бор йўғи 13 ёшда бўлган! 14 ёшида иститутга кирган,  20 ёшда эса AҚШда докторлик унвонини олган ва бу борада ҳам дунёдаги энг ёш доктор сифатида рекордга кирган.
Ҳозирда у дунёнинг энг кучли математикларидан бири бўлиб, Калифорния университетида математика профессори бўлиб фаолият юритмоқда.
ҳттпс://wwwccелератионинституте.орг/Натион_Деcеивед/Интернатионал/НД_в1_ру.пдф китобида ёзишларича, Стендфорд Университети Профессори Стенли ёш болалардаги математик қобилиятни аниқлаш борасида турли жойларда бўлганини ёзади. У шундай кунларнинг бирида 12 ёшли талантни учратади ва тест бериб синаб кўради, ўта юқори натижани кўргач ҳеч иккиланмай Жон Хопкинс университетига ўқишга қабул қилади. Унинг адашмаганини бола 17 ёшида  бакалавр ва магистр дипломини олиш билан исботлаб беради.
Мана дунёнинг баъзи давлатларидаги минглаб иқтидорлардан олинган баъзи мисоллар.
Келинг энди бизнинг Халқаро олимпиадаларда яхши қатнашиб келган ўқувчиларимизнинг кейинги тақдири билан қизиқамиз.
Ушбу суратдаги менинг ўнг томонимда турган ўқувчи Жасурбек Имомов, кейингиси менинг ўқувчим Мустафо бўлади. бу икки ўқувчи 7-синфлигидан бошлаб ҳар йили вилоят Билимлар Беллашуви ва Олимпиадаларда тенг рақобатчи бўлиб беллашганлар. 1-2- ўринларни бўлишиб олишганлар. Жасурбек 7-синфлигида  кичик ёшдаги ўқувчилар ўртасида Жанубий Кореяда ўтказилган  халқаро математика олимпиадасида  кумуш медални қўлга киритган, сўнгра Халқаро Жаутков олимпиадаси кумуш медал соҳиби, энди шу ойда Руминияда бўлиб ўтадиган халқаро математика Олимпиадасида Ўзбекистон  терма жамоаси сафида яна иштирок этади. Қизиғи шундаки, шундай талантли ўқувчи вилоят Билимлар беллашувида ва Олимпиадаларда омади келмаган, 2-ўринлар билан чекланган афсуски, масалага бошқа томондан қарайдиган бўлсак вилоятда демак  Жасурбек сингари кучли билимли ёшлар кўплигининг исботи десак бўлади, лекин улардан мана ҳозир биргина Жасурбек ўз билимини тўла намоён қилиб келмоқда, қолган ўқувчиларни билмадим қаердалигини, ушбу ўқувчим Мустафо ҳам вилоят босқичларида 2 марта 1-ўринни олганди, Жасурбек билан қўшиб Қоракўлга ўқишга юбормоқчи бўлиб роса харакат қилдим, лекин оилавий шароити тўғри келмай бормади….

  Маълумотларга кўра бизнинг катта ёшли жами  92 нафар ўқувчилар 17 марта Халқаро Математика Олимпиадаларга қатнашиб 26 та кумуш ва 9 та бронза медални, кичик 14 ёшгача ўқувчилар эса 4 йилдан буён 16 нафар ўқувчи қатнашиб  2 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритганлар.  Бу маълумотларни ҳам интернетдан қидириш жараёнида бир нарсага эътибор бердим,  бизнинг иқтидорли ёшларимизга ҳам Ўзбекистоннинг исталган олий ўқув юртларида имтиёзли кириш ҳуқуқи берилган. Ғолибларимиз биласизми қайси ўқишларни танлаган, улар асосан “Дипломатия “ ва “НарХоз”ни танлашган. Сездингиз-а сабабини, Ўзбекистон халқи орасида  энг нуфузли ўқиш деб эътироф этиладиган бу икки ўқишни танлашини сиз ҳам табиий деб қабул қилдингизми? Ҳа,  деган бўлсангиз  мана шу жойда сизу бизнинг катта бир муаммойимизга тўқнаш келдик, жамиятимизда олим бўлиб фанга бирор янгилик киритган кишининг қадр қийматининг холисанилло баҳоси шу! Чунки тасаввур қиляпсизми 11 йил математикани ичида ёниб куйиб, қоврилиб чиниққан болага танлаш имконияти берилсаю, ё олим бўлгин ё банк (солиқ) ходими дейилса, ўйлаб ўтирмай 2-сини танлагани бизнинг катта муаммойимиз, асло битирувчи ёшнинг эмас! Кайфиятингизни туширдимми, узр! Лекин шошмай туринг, ҳали бундан каттароқ муаммо бор, бу муаммо менимча шунча айтган гапларимнинг ҳақлигини далиллаб бера ажаб эмас деб ўйлайман, эшитинг:  Халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлиб келган ва матемaтика илми йўлидан бошқа соҳани танлаб битирган кўпчилик ёшлар, охир оқибат барибир қайта тайёрлов асосида, иккинчи мутахассисликка математика факултетларига ҳужжат топшириш ва ўқиш ниятида юрганлигини мен билан суҳбатлашиш жараёнида  айтди! Мана бизнинг аҳвол, иқтидорларни тўғри йўлга сола оладиган тизимимиз яхши ишламаганининг исботи. Ундай ёшлардан балки  яхши дипломат чиқмаслиги мумкин, зўр банк ходими бўлолмаслиги мумкин, солиқчилардек муомала қилолмаслиги мумкин, лекин улардан энг зўр математик олимлар чиқишига 100% кафиллик берса бўлади.
Муаммоларни кўриб турибмиз, хўш қандай қилсак биз ўз иқтидорларимизни етук олимлар даражасига олиб чиқа оламиз?
Биринчидан, юқорида айтганимдек, мактаблардан боланинг математик қобилиятини эрта аниқлаб унга мадад берадиган Скаутлар фаолиятини йўлга қўйишимиз керак. Уларни бир мактаб қошида бирлаштириш лозим. Масалан, Президентимиз томонидан тaшкил қилинаётган янги Мирзо Улуғбек мактаби каби бир мактабни шу соҳа бўйича ихтисослаштириш мумкин. Бу мактаб узоғи  5-6 йилда Ўзбекистонга юзлаб халқаро олимпиада ғолибларини ва олимларни етиштириб бера олади.
Иккинчидан, агар биз илм фанимизни бутун дунёга кўтаришни истасак бу билан шуғулланувчи ёшларга шундай шароит қилиб  берайликки, у фақат илм фан билан шуғуллансин, оч қоринга танбур ёқармиди дея тирикчиликка берилиб кетдими, илм фан ҳақида бирон натижа кутишимиз адолатдан эмас ундан, ана шунда ўзининг лаёқати ёки хохиши йўқ бўлса ҳам номи улуғ соҳаларни танлаб ўтиб кетиб барибир математикадан кўнгил узолмай “Дипломития”ни битириб репетиторлик қилгандан кўра биратўла аввал бошдан шу йўлни ёшликданоқ иккиланмай танлайдиган даражада олимларни қўллаб қувватлайдиган тизим яратайлик.
Учинчидан, моддий рағбатлантириш тизимини кучайтириш. Қидириб кўриб билдимки, 2008-йилгача халқаро олимпиадаларда юқори натижаларни эгаллаб келган ёшларимизга ҳеч қандай рағбатлантириш берилмаган экан, холбуки ўша даврларда спортчилар ютиб келганда ҳатто  машиналар ҳам беришган. 2008-йил 13-октябрда чиққан ҳукумат Қарорига кўра халқаро олимпиадаларда 1,2,3,4,5 ўринларни қўлга киритган ёшлар Олий ўқув юртларига имтиҳонсиз қабул қилиниш билан бирга  мос равишда ўртача степендиянинг 10,9,8,7,6 баробар иқдорида моддий рағбатлантириш кўзда тутилган.
Икки йилдан буён илм фанга қанчалар катта эътибор берилаётганини барчамиз кўриб турибмиз, Китобхон танлови ғолибларига Спарк берилмоқда, футбол бўйича чемпионларга 20 та Малибу берилди, қиличбозликдан ютганга Спарк, ғазалхонлик ғолибига Спарк, гул байрами ғолибига Спарк ва ҳакозо совғалар берилмоқда. Республикамизнинг илмий келажаги бўлиб турган ва келажакда ҳам ўзлари ортидан минглаб шогирдлар чиқариши мумкин бўлган бундай талантларга халқаро олимпиадалардан қайтишидаёқ спортчиларни кутиб олаётганимиздек кутиб олсак ва Президент совғаси деб машина калитини топширсак биласизми бутун Ўзбекистон ўқувчиларига қандай ўрнак бўлар эди? Барча болалар эртасигаёқ математика китобларини кўтариб устозларини қувиб юришига мен кафил!
Тўртинчидан, бизнинг математик ёшларимизнинг энг катта муаммоси бу тил масаласи, математикани яхши билган ёшлар инглиз тилини билмайди, ҳолбуки бу жаҳон миқёсидаги кадр етиштиришда катта омиллардан биридир. Мана шундай ўқувчиларни бир жойга йиғиб нафақат математика, бали инглиз ва рус тилларини пухта ўргатишимиз шарт. Чунки бундай талантли ўқувчиларимизни Жаҳоннинг энг кучли олий даргоҳларига жон деб қабул қилишади, лекин минг афсуски тил билмаслиги кўп ўқувчиларимизга панд бермоқда.
Бешинчидан, гувоҳи бўлмоқдамизки, қайсидир спорт федерацияларига Ҳукумат даражасидаги масъуллар раҳбар этиб тайинланмоқда, бу нарса ўша соҳани ривожланишида катта омил бўлади, ёш талантли иқтидорларни қўллаб қувватлаш мақсадида ушбу соҳага ҳам мана шу тажрибани қўллаш яхши самара беради, дейлик ёш олимлар тайёрлаш тизими жорий қилиб бунга юқори лавозимдаги масъул раҳбар этиб тайинланиши катта эффектини беради бу муаммоларни ҳал этишда.
Олтинчидан, отилиб чиққан ёш талант қишлоқдан чиққан бўлса унда кўп кузатилувчи нарсалардан бири тортинчоқлик, жамоага киришувчанлик қобилияти камроқ бўлиши мумкин, айниқса бу нарса оғир босиқ бўлган барча математикларга касбий “мерос” десак ҳам болади. Мана шундан келиб чиқиб улар педагогик-психологик ёрдамга муҳтож бўлади.
Еттинчидан, мамлакат терма жамоасини халқаро олимпиадаларга тайёрловчи педагогларни ҳам моддий қўллаб қувватлаш муҳим масаладир. Бизда математика ва кимё фанларидан халқаро олимпиадаларга қатнашиб яхши натижаларга эришмоқда ўқувчиларимиз. Лекин биология, физика, информатика, география фанларидан халқаро олимпиадаларда натижа кўринмаяпти.  Менимча бу барчаси шу соҳа бўйича мутахассислар йўқлигидан ёки уларни моддий қўллаб қувватлаш юқори бўлмаганлигида деб ўйлайман.
Cаккизинчидан, модомики гап ёшларнинг ичидан талантларни аниқлаш ва тарбиялаш борасида кетар экан, бу борaда улкан бюджетли, чексиз чегарасиз имтиёзли  Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқини эслаб ўтмасдан иложимиз йўқ. Иттифоқ ҳар йили бутун ёзда вилоят фанлар олимпиадаларида 1-учликни қўлга киритган барча ёшларни бирон вилоятнинг энг яхши ёзги лагерларида дам олиб шу билан бирга уларнинг билимларини оширувчи дарслар ташкил этиши лозим, Республиканинг энг кучли олимлари, дарсликлар муаллифлари дарсларини тизимли ташкил этиш, уларнинг руҳлантирувчи суҳбатларини ташкил этиш катта самара беради. Ушбу тренерларга ҳам албатта моддий рағбатлантириш Ёшлар иттифоқининг   вазифаси бўлиши  керак. “Кетса бойдан кетибди-да”, а лаббай? Фақат илтимосим шуки, бу ёш иқтидорларни турли тадбирбозликлардан холи муҳит қилинса, шунчаки, сизлар иқтидорли ёшлар ва кучли тренерларни бир жойга йиғиб беринглар, қолганини ўзлари билишади нима қилишни. Ҳа айтганча биз зор бўлаётган Скаутлар топишда ҳам жонбозлик кўрсатсалар ёки ўзлари Скаутлик қилсалар чинданам ёшларга катта фойда келтирган ташкилотга айланган бўлар эдилар, ахир уларнинг “Маъмун академияси”дан нимаси кам?  Тўғрими? (энди мен ҳам қайсидир радиога чақирилиб иттифоқнинг ёш иқтидорларга яратиб берилаётган шаблон  маърузаларини эшитишга мажбурланмасам бўлди, оббо…)

Бугун ўзим математик устоз бўлганлигим, ажойиб  иқтидорли ўқувчилар билан  кўп йиллардан буён ишлаганим, кўплаб олимпиадаларда (Халқаро олимпиаданинг Республика босқичида бир марта) ҳакам бўлиб кўриб юрганим боисидан блогимни асосан математикларни мисол келтириб ўтдим, лекин бундай иқтидорлилар бизда ҳар бир фан бўйича минглаб топилади, ишонаман биз шундай бир пухта тизимни йўлга қўйиб олганимиздан сўнг бутун дунёга машҳур олимларни яна етиштирамиз, жаҳон илм фан намоёндалари  бизнинг олимларимиз кашфиётини “ҳазм” қилишга улгурмай қолади, барча  машхур матбуот саҳифаларидан Ўзбекистон олимлари қилган кашфлари тушмай қолади, Ўзбекистон билан нафақат боксда, балки илм фанда ҳам эҳтиёт бўлиб гаплашадиган бўлади  аҳли жахон! Мен шунга ишонаман!

Комментариев нет:

Отправить комментарий