суббота, 15 июля 2017 г.

Сувсиз қишлоқ “Обод” бўладими?

Муаммонинг муқаддимаси
2016 йил 28 сентябр куни pm.my.gov.uz Бош вазир электрон қабул портали янги ташкил этилган кунларда Обод (қадимги номи “Гўшт қишлоқ”) қишлоғимизнинг 3 та муаммосига ёрдам сўраб мурожаат қилган эдим. Улар: қишлоққа ҚВП ва стадион қуриш ва ниҳоят, асосий муаммо - қишлоққа тоза ичимлик суви олиб келиш.

Тарихча ўрнида
Гап шундаки, қишлоғимизни ичимлик суви билан таъминлаш биз учун асрий орзу бўлиб, аҳоли қўшни қишлоқлардан ва ҳовузларга тўпланган сувлардан ичиб чанқоғини қондиради. Бу иш икки марта давлат миқёсидаги дастурга туширилган бўлиб, дастлаб 2012 йилда бизнинг ер остимиздан яхши сув чиқмайди, дея қўшни Жонобод қишлоғига қудуқ кавлашмоқчи бўлишган, ҳали қудуқдан яроқли сув чиқмасдан (400 метр, эслаб қолинг, бунга қайтамиз) қувур ётқизишган. Лекин у иш охирига етмади(!).

Орадан икки йил ўтиб яна қишлоққа Давлат дастури ажратилди. Бу сафар қишлоғимизнинг ўзидан 320 метрли қудуқ кавланди. Мана шу вақтда келажакка таъсир қилувчи  хатолар бошландики, касрини шу кунгача тортмоқдамиз: маҳалла аҳли қудуқ кавланаётган вақтда туман “Сувоқава” раҳбари билан оғзаки (афсуски, ҳеч қандай ёзма эмас) келишган ва 2 йил олдин қўшни қишлоққа биз учун ётқизилиб бекор турган 400 метр қувурни кавлаб, қишлоқ ички тармоғига улаган. Бу билан кавланаётган янги сувга тайёр бўлиб турган. Aфсуски, минг афсуски, халқ кутган сув ичишга умуман яроқсиз, шўр сув бўлиб чиқди. Давлат дастури  иккинчи бора зое кетди…

1.       Имкон излаб
Сувимиз муаммоси ҳақида ёзган илтимосим бўйича 10 кун ичида Фарғона вилояти “Сувоқава” ДAК ходимлари етиб келишди. Қишлоқ шароитини таништириб, мавжуд ҳолатни тушунтирдик:
 
Сувоқава ходимлари ичишга яроқсиз сув чиққан 140 млн сўмлик қудуғимизда

Масъуллар туман ҳокимлигида маслаҳатлашиб, яна ўша қўшни Жонобод қишлоғидан бир ичишга яроқли тайёр қудуқни бизга бериб ва икки қишлоқ орасига сув қувури ётқизиб бизнинг ички тармоғимизга улаб беришга келишишди.


Воқеалар ривожланиб кетди. Бутун қишлоқ келгуси йилда амалга ошади, дея интиқиб кутаётган Дастур янги йил кирмасданоқ ишга туширилди. Декабрнинг охирида қишоғимиз сувини қўшни қишлоқ қудуғига улаш учун 800 метр қувур олиб мутахассислар келди. Ҳаш-паш дегунча ер кавлаб, қувур ётқизишни бошлаб юборишди



Афсуски, муаммо чиқди. Гап шундаки, юқорида айтиб ўтганимдек, бизнинг аҳоли шу қишлоқ учун берилган 400 метр қувурни ёзма рухсат олмасдан кавлагани ва бу қувур сув харитасида ҳалиям жойида турганлиги аён бўлди. Можаро бошланди, мен гоҳ “Сувоқава”га оғзаки ва ёзма мурожаат билан югураман, гоҳ қишлоқ катталарига. Ҳар қайсиси ўзидан соқит қилиб, бир-бирига айбни тўнкайверди. Ҳамқишлоқларимга оғзаки рухсат берган бошлиқ аллақачон паттасини қўлга олиб ишдан бўшаб кетган, янги раҳбар эса айб ўзларингда, дея туриб олган… Қаранг, эмишки, бутун бошли маҳаллани 1 ҳафта кавлаб 400 метр қувурни олишсаю, бундан ташкилот ёки шу маҳаллада яшайдиган ишчисининг  хабари бўлмаса (гарчи оғзаки буйруқ берилган ва буни тан олмаётган бўлса ҳам фараз қиляпмиз). 

Хуллас, шу йўсинда мўлжалланган дастурни якунлашга 400 метр қолганда иш тўхтади. Яна пул йиғайлик, десак, аввалги дастурларда ҳам ҳар хил йиғинлардан зада бўлган аҳоли истамади.

Мана бундай мурожаатларимга эса бир хил қолипдаги шаблон жавобларни беришдан чарчашмади…

2. Фарғона, гўёки, муаммони ҳал қилди
Яна қуйидан иш чиқмагач, умид билан Фарғона вилояти ҳокими виртуал порталига юқоридаги мазмунда ёздим. Ходим келди ва яна бор айбни (қувурни ўзбошимчалик ила кавлаб олганликда айблаб) маҳаллага ағдаришди. “Хўп, шу қувурни маҳалла ўзи пул йиғиб, қишлоқ тармоғига улаб олади”, дедим. Вилоятдан келган вакил рози бўлди, тумандаги раҳбарга шу ҳақда буйруқ берди. Туман “Сувоқава” раҳбари ваъдани қуюқ бериб, мендан шу ҳақда розилик хатини олиб кетдилар. Воқеалар март ойида бўлмоқда.

3. Иложи йўқ ва яна иложи йўқ
Ўлмаган қул, ёзга чиқиб олдик - сувни улаб беришларидан дарак йўқ. Шунча кутганимизда ҳам улаб бермагач, июннинг дастлабки кунларида туман марказидаги Халқ қабулхонасига кириб ариза ёздим.

Бу сафарги аризамни шундай ёзгандимки, узоқ вақт бўйин товлаб, айбни халққа ағдариб осонгина қутулиб юрганларнинг важи ўтмас эди. Эндиям Халқ қабулхонасидан ҳайиқиб (Президент порталига 2та, вилоят ҳокимига ҳам бир мурожаатим бўлди, ахир) улаб беришига ишондим. Бир ҳафта ўтгач яна эски танишлар ташрифи. Бу сафар туман  “Сувоқава” идорасининг ишлари ғирт лойқа эканлигига ишонч ҳосил қилдим: бир варaқ харажат қоғоз тутқазишди, нима экан?”, деб ўқисам, бизга уламоқчи бўлган қудуққа мотор ва керакли ашёлар олиш учун 18 миллион сўм пул керак эмиш! Фиғоним фалакка чиқди, тарвузим қўлтиғимдан тушди. Рўпарамда ўз ишига масъулиятсиз қаровчи типик вакиллар турган эди! Булар ҳукуматимиз “Аҳолингда қандай камчилик бор?”, деса ҳам эплаб ҳисоблаб сўрашни ҳам билмайдиган давлат ишчилари эди. Берган биринчи саволим шундай бўлди: “Ахир, нега юқоридан ўргангани келганда ва нима кераклиги сўралганда, шу дардларинг бор экан, қувурга қўшиб шунча пуллик мотор ва кабеллар ҳам керак, демадиларинг?! Биз ўзлари билиб тўлиқ жўнатишар, деб ўйлабмиз. Сизлар ўз туманингиздаги қишлоқнинг нима камчилиги борлигини билмасаларинг, юқордагилар билсинми? Қаттиқ тортишиб тушунтириш хати ололмагач қайтиб кетишди. Қоидага кўра менинг мурожаатимга 15 кунда жавоб беришлари даркор эди. Беришмади. Халқ қабулхонасига борсам, у ташкилот туман ҳокимиятига яна 15 кун аризамни ўрганишга муҳлат чўздирибди. Ҳа, майли, демак чора излаяпти шекилли, дея яна 15 кун кутдим. Жами бир ой деганда менга жавоб беришди. Жавобини кўргач, “ҳайф, сизлардек қоғозбозларга”, девордим! Чунки ишонасизми, ариза муддатини чўздириб қутулган идора бир ой олдин менга қандай жавоб берган бўлса, худди ўша жавоб хатини қайта юборишган эди, “18 миллион, мотор, кабел, харажат, иложимиз йўқ...” ва ҳоказо.

Кунда ТВ орқали ушбу йил фуқаролар мурожаатлари бекаму-кўст бажарилаётгани ҳақидаги хабарларни кўриб  ўзимнинг ҳолимга ачинаман, салкам бир йил бўлмоқдаки, давлат томонидан бизнинг қишлоққа кўрсатилаётган ғамхўрликни туманимиздаги ўз ишини билмай юрган қуйи раҳбарлар рўёбга чиқармаяпти. Ушбу ташкилот билан кўп муомала қилиб, шунга амин бўлдимки, бу “Сувоқава”да, ётиб қолгунча отиб қол, деб фикрловчи, сизнинг ташвишингиз заррача қизиқтирмайдиган раҳбарлар кўп экан. Ва бир бошлиқ ишдан кетган бўлса, иккинчиси айбни ўшанга ағдариб туравераркан. Бирор дастур сўраса, олдиндан режасиз, юзаки ҳисобот бериб юборганлиги, мавжуд ҳолатни билмаганлиги туфайли уларнинг жабрини бизнинг қишлоқ тортмоқда. Aхир, қайси ақл билан моторсиз қудуқни юргизишга, энг аввало, мотор эмас, қувур сўрайди? Бизнинг қишлоққа 2012 йилда берилган моторни аллакимларга бериб юбориб, яна “мотор йўқ”, дейиши сирли ва шубҳали…

4. Сув билан обод уйинг
Ҳаёт давом этмоқда, қишлоғимиз ўқувчилари сувсиз матабда чанқасалар, мактаб ёнидаги уйларга кириб, 3-4 км жойдан зўрға олиб келадиган сувидан ичиб, чанқоғини босиб, чиқиб кетмоқда, келинлар, аёллар ҳамда болалар араваларда бидонларни юклаб, қўшни қишлоқдан кундалик сувини ташимоқда. Ишлари кўпайиб, боролмай қолса, маҳалла ҳовузидаги сувдан олиб овқат ва чойини қилиб кун ўтказмоқда, тўғри-да, Ғафур Ғулом айтганидек , ана ариқ тўла сув, “ёш болалар”га бўлаверади… билмадим, обод қишлоқ қачон сув билан обод бўларкан…

Узун умидлар
Куни кеча Мўйноққа 101 кмдан сув олиб келинганини телевизорда кўриб кўзларимга ёш келди, бизнинг муаммо эса атиги  400 метр  эди... Умид сўнмайди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий