понедельник, 20 июня 2016 г.

БББ- Билимлар Беллашуви бўйича

Шу йил 29 май куни Халқ таълими вазирлигига давлатимиз томонидан ўта кучли марказлаштирилиб, фуқаролар учун  қулайликлар яратилган my.gov.uz портали орқали Халқ таълими Вазирлигига шикоят хати йўлладим. Мурожаат хатимни биргина менинг эмас, бутун Ўзбекистон ўқитувчилари номидан деб тушунса ҳам бўлади. Мен ИДУМИда ишлайман, биз математика, филология фанларига ихтисослаштирилганмиз, лекин бошқа фанларимиз оддий мактаб қатори ББга қатнашадилар. Мен ана шу бошқа фанлар ҳуқуқлари юзасидан вазирликка шикоят йўллаган эдим. Аслида ўзим ихтисослаштирилганга ҳам ва оддий синф математика синфларига ҳам дарсга кираман, сезиб турганингиздек, бу хатни ёзишимдан мақсад оддий мактаб ўқувчи ва ўқитувчиларининг меҳнатини ҳимоя қилиш эди.


1-хат
“Ассалому алайкум! Кеча бўлиб ўтган Билимлар Беллашуви Вилоят босқичида ИДУМИлар ихтисослаштирилган синфлари ва оддий мактаблар учун алоҳида савол, масалалар Вазирлик томонида юборилди. Лекин ҳар бир синф, ҳар бир фанга юборилган масалалар оддий мактаб ўқувчилари учун ДТС талабидан юқори, ихтисослаштирилган синфлар учун эса ёки ДТС талаби даражасида, ёки ундан паст савияли масалалар юборилди. Аслида Билимлар Беллашуви Низоми бўйича ихтисослаштирилган синфлар ДТСдан юқори, оддий мактаб ўқувчилари эса ДТС талабидаги масалалар юборилиши ва шу асосда билимдаги бўшлиқлар аниқланиши сизлар томондан ёзилган Низомда белгилаб қўйилган эдику? Синфларга юборилган масалалар ўша синфдан юқори синф материаллар асосида тузилганини қандай тушуниш мумкин? Масалан, 7-синф математика оддий синфига 9-синф геометриясининг "Тўғри бурчакли учбурчакларда пропорционал кесмалар" мавзусидан масала тушди. 7-синф физика оддий синфига ҳам, ва 8-синф физика оддий синфига ҳам 9-синф физикасидан масалалар тушди. 8-синф кимё оддий синфига ҳам ўз синфидан юқори синф масалалари берилди. Бу ҳол бир эмас ҳар бир синфда аниқ кўриниб қолгани оддий мактаб ўқувчилари учун қашқатқич зарба деб қабул қилинди ҳаммада. Лекин ихтисослаштирилган синфларга оддий синф даражасидек содда масалалар тушди. Охир оқибат эса, ҳар икки йўналишдаги синф ўқувчилари ичидан энг юқори балл олган ўқувчи Республикага йўлланмани қўлга киритиш керак бўлганда содда масалаларни ечган ИДУМИ ўқувчилари ғолиб бўлиб кетаверди. Масалани мана шу жойи энг қаттиқ ботди. Агар оддий мактабдан ўз йўналиши бўйича алоҳида, ИДУМИлардан алоҳида ғолиблар Республикага йўлланма олганларида адолат жиндеккина қарор топиши мумкин эди, кечаги иш бўйича эса барча ўқувчи ва ўқитувчилар ўртасида ИДУМИларга алоҳида ҳиммат кўрсатиш деб қаралди. Саволим, нега энди ҳурматли Президентимиз ИДУМИларга шунчалар шароит яратиб беришсаю, у ўқувчилар оддий мактаб ўқувчисидан кўра осон масалалар билан Республикага йўл олиши Халқ таълими вазирлиги томонидан бу йўл билан рағбатлантирилмоқда? Нега оддий мактаб ўқувчиси ИДУМИчалик шароитда (дарслар бўлиб ўтилиши, вхк) ўқимай туриб, Вилоят Беллашувига етиб келсаю, у ИДУМИ ўқувчисидан мураккаб масалани ечишга мажбурланди? Нега Низомда ўша синф даражасидаги масалалар бериш белгилансаю, у синфдан 1, 2 синф юқори мавзулар асосида масалалар берилди. Ушбу масалаларни ким кўриб экспертизадан ўтказиб берди?”
Мурожаат хатимни 29 май куни ХТВга юбордим.
Ушбу хатдан бир кун ўтиб, 30-май куни яна портал орқали, ДТМ, Олий Аттестация комиссияси ва ХТВ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига 2-мурожаатимни юбордим. Бу мурожаатни вақтлироқ юбориб жавобини олмаганим боиси ўзим хижолат бўлган эдим, ўзимни айблаб юргандим. Йўқ, аслида бир мен эмас, бутун вилоятнинг энг кучли математик, физик ва химик устозлари билан Вилоят Билимлар Беллашуви вақтида 2 кун суҳбатлашгач, ҳамма ҳам мен қатори тузилган Низомда аниқ фан ўқитувчилари учун берилган вақт ҳеч бир реалликка тўғри келмаслигидан шикоят қилишмоқда эканлар. Шундан сўнг изоҳ сўраб тегишли ташкилотларга ариза ёздик.
2-хат
Ассалому алайкум! Мен яқинда ўтказилган умумий ўрта таълим педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тартибига ўз эътирозимни билдирмоқчиман. Аттестацияда белгиланган қоидаларга кўра ҳамма фан ўқитувчиларига 36 та тест учун бир хил 1 соатдан вақт берилиши адолатли эмас деб ўйлаймиз. Чунки аниқ фан ўқитувчилари ва ижтимоий фан ўқитувчиларининг битта тест ва шу билан бирга 36 та тест ечиши учун вақт бир хил кетмаслиги кундек равшан. Аниқ фан ўқитувчилари ҳар бир масалани бир бошдан ечиб чиқишлари шарт, ижтимоий, филологик йўналиш ўқитувчилари эса бир ўқигандаёқ тестни ечадилар. Тузилган Низомда бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрилмаганлиги, ҳаммага бир хил вақт берилишидан кўриниб турибди. Ахир математика, физика, кимё фанидан масалаларни турли формулалар билан ечиб чиқариладиган масалага ҳам, ёнидаги бошқа ижтимоий йўналишдаги ўқитувчига берилган, "Қобуснома кимнинг асари? "деган бир ўқишда топиладиган саволга ҳам бир хил вақт берилиши адолатданми? Сизлардан илтимос, барча аниқ фан ўқитувчиларининг талаб-истакларига асосан Аниқ фанлар учун алоҳида вақт жорий этиб қайта аттестациядан ўтказиш ёки уларга бошқа қулайлик беришларингизни сўраймиз.
1 июн куни директорим менга, “Вазирликка шикоят ёзган экансиз, вилоят Халқ таълими бўлимига ўрганиш учун юборилибди, ВХТБ дан телефон қилиб, “ўша ўқитувчингиз, “ўқувчиларим масалани ечолмай хафа бўлиб чиққани учун ҳаяжонланиб ушбу хатни ёзгандим, аслида адолатли ўтди”, деган мазмунда тушунтириш хати ёзиб берсин”, деяпти”, деди. Йўқ, мен Вилоят ХТБдан эмас, топшириқларни юборган Вазирликдан изоҳ сўраяпман устоз, дея рад этдим, ўша куни кечгача устозимга вилоятдан телефон бўлиб ёздириб беришини илтимос қилаверишди, мен эса, гарчи ўз раҳбарим илтимос қилса-да, балки муносабатларимиз шу иш юзасидан ёмонлашиши мумкин бўлса-да тушунтириш хатини ёзмадим. Эртаси куни, 2 июнда туман Халқ таълими бўлими мудири чақиртирди. Кирдим. Вазирликка шикоят ёзибсиз, деб мендан вазиятни сўради, тушунтирдим. Туман ва вилоят ХТБга менинг эътирозим йўқ, юборилган масалаларга эътирозим бор эди,  дедим. Суҳбатдан англадимки, туман ХТБ мудирига ушбу домладан қандай бўлмасин эътирозим йўқ дея тушунтириш хати олиб беринг, дея вилоятдан топшириқ берилган. Хўп дея, мужмал тарзда бир нималар ёздим ва масъул шахсга бердим, “йўқ бу тушунтириш хатини мудиримиз қабул қилишмайди, ўзингиз кириб агар топширолсангиз, топширинг ана”, деди. Асабларимни асраган ҳолда мудирга ҳам қайта учрашмасдан бинони тарк этақолдим, хатни эса кўчадаги ахлат қутига ташлаб кетдим…
Шу куни Республика таълим марказидан директоримга телефон қилиб, мендан эътирозим йўқлиги хақида тилхат олиб беришини сўрашибди, ёзмаяпти, ёздиролмаяпман, нима қилай ахир, ўзининг, ўқувчиларининг меҳнатига ачиниб кетяпти, дея жавоб берибди раҳбарим.
3-июн куни Вилоятга чақиришларини кутдим, йўқ, ҳеч ким безовта қилмади… сабаби бор экан. 4 июн куни одатдагидек my.gov.uzга кирсам ХТВдан биратўла 2 та хабар келибди. Ҳар икки аризамга жавоб келибди. Дархол очдим, Аттестация бўйича таклифимга кўпинча юборадиган, биз ўрганиб қолган “шаблон” жавоб юборишибди. Ҳа, майли, дея асосий қизиққан Билимлар беллашуви бўйича шикоятимга жавобни очдим: не кўз билан кўрайки, ушбу шикоятимга аввалги аттестация бўйича жавобни .pdf файл кўринишида юклашибдию, менга жўнатиб, ишни беркитишибди! Ижрочи бир киши, файл номери ҳам бир хил… ана сизга юқори ташкилотнинг нозик масалалардан ўзини қуруқ олиб чиқиб кетиши! Ана сизга масъулият, мана биз мақтаган ягона интерактив порталда ўтирган Халқ таълимидаги масъул шахсларнинг ўз айбларини қанчалар беркитиши!
Шундан сўнг мен ХТВга яна, 3-бора аризамни жўнатдим.
3-хат
“Ассалому алайкум!
Мен 29.05.2016 куни Халқ таълими вазирлигига ариза йўллаган эдим. Саволим, Билимлар Беллашуви учун юборилган топшириқлар хусусида эди. Аризам 29 май, соат 8:54 да my.gov.uzга етиб борди ва кўриб чиқиш учун олинди.
30 май куни Педагог кадрлар аттестацияси бўйича яна my.gov.uz орқали Халқ таълими вазирлигига таклиф юбордим. Ушбу таклифим 30 май, соат 07:05 да сизлар томонингиздан кўриб чиқиш учун қабул қилинди.
2 июн куни, менинг ҳар икки саволимга битта жавобни .pdf шаклида юбориб, Билимлар Беллашуви бўйича берилган саволимга ҳеч қандай изоҳ беришмади.
Савол:
1) Президентимиз фуқаролар билан давлат ташкилотлари ўртасида бевосита алоқани ривожлантириш учун шахсан ташаббус кўрсатиб, my.gov.uz ҳукумат порталини яратиб беришди, нега шундай масъулиятли ишда фуқароларнинг мурожаатига бундай совуққонлик билан қаралмоқда?
 2) Нега менинг Билимлар Беллашуви борасидаги саволларимга бошқа саволнинг жавобини юбориб мурожаатни беркитишди?
 3) Вазиримиз ўринбосари ушбу, 29 май кунги аризамни шахсан ўқиб, сўнгра шу мурожаатга жавобни шундай бердиларми?
4) Мен ҳар икки 29.05 ва 30.05 кунлардаги хатларимни ва сизлар томонингиздан юборилган, 2та умуман бошқа мазмундаги саволга берилган битта жавоб ҳақида , скриншотлар орқали фуқаролар мурожаатларига жавоб бермаганлик учун юқори органларга ва Оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилаверайми, ёки менинг 29-май кунги аризамга бошқатдан жавоб берасизларми?”
2 кун ўтгач, мени Республика Таълим маркази ходимлари туман ХТБ мудирим орқали сўрашиб телефонлашишимни айтишди. Телефон орқали масъул ходим билан гаплашдик, юз берган муаммони тушунтирдим. Ходим, ушбу ҳолатда улар вилоятларга кўп вариантли банк юборишганини, уларни орасидан ДТС талаби асосида танлаб олиш вилоят халқ таълими бошқармаси масъул ходимлари ва ҳакамлар ҳайъати вазифаси эканлигини таъкидлади. Менга юборилган, 2 саволга 1 жавоб ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслиги, хатимга расмий жавобни шу кунларда юборишларини айтиб ўтди.
Ўйландим: мен нега ХТВга шикоят ёзсам улар вилоят ХТБга юборишди, ахир масалаларни вазирлик юбориб, асосий масъулият уларда-ку,  хўп юборишибди ҳам дейлик, нега унда Вилоят ХТБ менинг мактабим ва у орқали бўлмагач, туманимдаги ХТБ раҳбаримизга менинг эътирозим йўқ, мен ўзим адашиб ёзибман, узр, дея ёзилган тилхат талаб қилгиздилар, ёки юборилган масалаларни ББ низоми 70-а бандида белгиланганидек, вилоятдаги Билимлар Беллашуви учун масъуллар ДТС талабидан қийин даражадаги топшириқларни ўзгартириш киритиб бермаганликлари учун улар ҳам айбдор эканлар-да
Нихоят, 12 июнда менга ХТВдан жавоб хати келди. Унда фақатгина математика фанидан юборган эътирозим тўғри эканлиги, физика ва кимё фанлари эса ДТС асосида масалалар берилганлиги таъкидланиб, вилоят ХТБ рахбарига ушбу камчиликка йўл қўйган ходимларни меҳнат қонунчилигида белгилангани бўйича жазолаш топширилган эди.
Ушбу блог ёзилиш арафасида, 8-синф Ихтисослаштирилган математика синфдан вилоят босқичида ғолиб бўлгач, Республика ББида қатнашиб, ёзма иш ва тестларни тугатиб чиққан ўқувчимиз билан боғландик. “Домла, Республика босқичида ихтисослаштирилган  синфларга халқаро олимпиада масалалари беришди, оддий синфларга эса китоб доирасидаги оддий масалалар. Бизнинг масалаларни ҳакамлар ҳам тўлиқ ечиб беришмади, ИДУМИлар ичида 82 балл билан 1- ўриндаман, оддий мактабдагилар эса, табиийки, кўпи 90 баллдан юқори”, деди...
Ҳар йилги Билимлар Беллашуви тажрибалардан келиб чиқиб менинг қуйидаги таклифларим Вазирлигимиз томонидан эътиборга олинса, юқоридаги ҳолатлар содир бўлмасди.
Менинг таклифим, ББ ташкил қилинган дастлабки йилдагидек, ҳар бир босқичда  ИДУМИлар (ёки ихтисослаштирилган синфлар) алоҳида, оддий мактаблар синфлари алоҳида Беллашувга киришиб, токи Республика босқичида ҳам шундай қилиб, бир синфдан 2та ўз йўналиши ғолиби эълон қилиниши лозим. Яъни, ИДУМИлар ғолиби ва оддий мактаблар ғолиби. Мана шунда ҳеч қандай эътирозларга йўл қўйилмайди. Бу ҳолда Республика ғолиби ўқувчисига бериладиган нетбук ва ўқитувчисига бериладиган планшет мукофоти 2 баробар кўпаяди, лекин Давлатимизнинг таълимга ажратаётган маблағлари олдида бу, менимча, айтарли маблағ эмас. Муҳими ҳар бир босқичда ғолибликка даъвогар ўқувчилар бутун Ўзбекистон бўйича 2 баробар ўсиб, яна шунча ўқувчи билим олиши кучаяди.
Билимлар Беллашуви - мактаб ўқувчиларининг фанлар бўйича, 5-синфлигиданоқ ўз билимини синаш беллашуви. Унда ғолиб бўлиш туман, вилоят фахрига айланиш демакдир. У бир эмас, минглаб ўқитувчи ва ўқувчиларнинг кечаю кундуз қилган меҳнатлари сарҳисоби. Ота оналарнинг умиди. Президентимиз томонидан ёшларга ташкилланган улкан тадбир.
Афсуски, баъзи масъул ташкилотчилар ҳаракати натижасида бир йиллик орзу-умидни чиппакка чиқариб қўйиш ҳолатлари рўй бериб турибди. Умид қиламанки, бу ҳодиса бутун Республика Халқ таълими мансабдор ходимлари учун дарс бўлиб, келгуси йилларда Беллашувлар Низом асосида ўтказилади.