пятница, 30 сентября 2016 г.

Сарҳисоб

Ҳаётда шундай пайтлар бўладики, сиз ўз ишларингизни таҳлил қиласиз, тўғри йўлни танладимми, тўғри касб танладимми, қилаётган ишларим ўзим ва оила аъзоларим учун мақбулми каби саволлар билан ўзингизни савол-жавоб қилгингиз келиб қолади.
Касб танлаш одамни аксарият бутун ҳаёт йўлини танлаш билан эквивалент даражага келади кўпчиликда.
Мен ўқитувчилик касбини қандай танлаганим аниқ ёдимда йўқ, бу касбга ёшликдан қизиққанман, дея олмайман, ҳар ҳолда, шуниси эсимда. Лекин яна бир нарсани аниқ айтиб ўтиш жоизки, бу касб бошқа касбларнинг онаси экан, бу касбни танлаганим балки ҳаётимдаги энг яхши танлов бўлса керак. Барча касбларнинг негизи бу ўқитувчилик, мураббийлик, устозлик. Бу касб энг қадимги касблардан эканлиги аниқ. Мамлакатимизда бу касб эгаларига нисбатан ҳурмат эътибор кучли (аскиялар ўз йўлига).
Менинг бошқалардан кўра ғурурланиб айтишим бўлган ютугим бор: мен ўзим ўқиган барча мактабда ўзимни ўқитган устозлар билан ҳамкасб бўлиб ҳам ишлашга улгурдим. Тумандаги 51 ,49 ,65 мактабларда озми- кўпми ўқиганман ҳамда шу ердаги устозларим даврасида бирга ишлаш бахтига ҳам сазовор бўлдим. Шунда билдим, бизни ўқитган устозларнинг янада инсоний жиҳатларини ва олижаноб хокисор, меҳнаткаш инсонлар эканлигини. Дарсдаги қаттиққўлликлари фақатгина бизнинг фойдамиз учун жўртага ясама роль экани ва аслида улар жуда меҳрибон инсонлар эканлигини англадим. Бу кишилардан ўқувчилик давримда олишга улгурмаган билим ва маслаҳатларни ҳамкасб бўлиб олдим ва олишда давом этмоқдаман.
Ҳар бир мактаб ўқувчиларида ўзига хос анъаналар шаклланган бўлади. Бу анъаналар битирувчи ёшлардан укаларига намуна сифатида ўтиб йиллар давомида сақланиб бораверади. Ҳозирда мен ишлаётган Яйпан шаҳар 65-ихтисослаштирилган мактаб интрнатида ҳам йиллар давомида, ҳаттоки мактаб ташкил бўлган даврдан буён сақланиб келаётган анъаналар сақланиб келмоқда. Булардан бири байрамлар кўтаринки руҳда ўтиши. Барча байрамларга ўқувчилар ўзлари тайёргарлик кўриб саҳна кўринишлар, концерт дастурлари тайёрлашади. Хақаро хотин қизлар кунида аёлларимиз ҳамда ўқувчи қизларни эрталабдан бир олам қувончли янгиликлар туҳфа этишади, ўз навбатида ИДУМИ қизлари ҳам Ватан ҳимоячилари кунида йигитларни бўлажак ватан ҳимоячиларимиз, дея ажойиб ҳурмат-эътибор кўрсатиб руҳлантирадилар.

Касб байрамимизда ўқувчиларимиз бутун мактаб каттаю кичик ўқувчилар бирга бўлиб устозларни хурсанд қилишга бел боғлайдилар. Бизда ўқувчилар ётоқхонада қолишади, байрамдан 2 3 кун олдиндан ҳар бир ўқитувчи учун қўлда бир биридан чиройли табриклар ва шеърлар ёзилган конвертлар ясашади,ўқитувчилар хонасини гуллар ва шарлар билан чиройли безатишади. Устозлар суратларини чизиб ойналарга илиб қўяди. Ҳар йили 30 сентябрь куни эрта тонгдан мактаб дарвозасидан бошлаб токи ўқитувчилар хонасигача ҳовлида 2 қатор бўлиб туриб барча устозларни қарсаклар, гуллар ва табриклар билан кутиб олиб хонага кузатишади. Сўнгра дарслар бошланганида ҳам бир кирган устозни яна шундай дарсга қарши олишади. Синфнинг энг кучли билимли ўқувчилари бир ҳафта ўн кунлаб тайёрланишиб, ўша кунги дарсларни ўқитувчини ўтиргизиб қўйиб синфдошларига дарс ўтиб беришади. Дарслардан сўнг эса ўзлари тайёрлаган дастурларни устозларга намойиш қилиб бир олам қувонч бағишлайдилар. Бу байрамдан сўнг ҳар қандай ўқитувчи олам-олам завқ олиб, ўз касбидан мамнун бўлади.
Бундай эътибордан сўнг устозлар шогирдларидан чексиз миннатдорлик, касбидан фахр туйғуси билан кўнгли тоғдек кўтарилади. Ўз йўлини сарҳисоб қилар экан, бу касбни эгаллаб заррача хато қилмаганига ишонадилар ва келажак ишларида катта маънавий қувват ҳис қиладилар. Бор чарчоқларию ташвишлари унутилиб, янги куч билан ўз болаларига-ўқувчиларга билим беришда давом этадилар!
Эй касбларнинг онаси-устоз мураббий касбли ҳамкасбим! Байрамингиз муборак бўлсин, барча мақсадларингиз рўёбини кўринг!!!





Сурат ҳамда видеолавҳаларда Яйпан шаҳар 65 ИДУМИдаги 1 октябрь байрами жараёнлари

среда, 14 сентября 2016 г.

Tanganing boshqa tomoni

Mashhur bo'lish qiyin. Yaxshiyamki bizda paparatsilik rivojlanmagan. Unda mashhurlarimizga yanada qiyin bo'lar edi.
Yaqindagina tugagan Rio-2016 olimpiadasida O'zbekistonni dunyoga tanitib, bizni ruhlantirgan qahramonlarimiz haqida tom ma'noda shunday deyish mumkin: Ular endi mashxur! Endi ularning nafaqat hozirgi, balki o'tmishdagi suratlarini topib olgan jurnalistlar ham ular haqida olamshumul yangilikni xalqqa yetkazgandek his qiladi o'zlarini.
O'zbek blogerlari ichida eng ko'zga ko'ringan Sanjar Said ham bugun 1-2 ta bizning sportchilarimizning suratlari haqida o'z fikrini bildirib blog yozdi. Bu blog ijtimooy tarmoqda keng muhokama bo'lib ketdi. Menimcha hali blogda yilga olingan yigit qizlar bu xaqda xabardor emaslar, ular ham albatta bugun erta ko'rishadi va o'z fikrlarini bildirishadi.
Men e'tibor bergan jihatim, bu yigitlar shov shuvlo g'alabalarini hali nishonlamoqdalar. Va ishonamanki, bir piyola choy ustida suhbatinguzni olaylik, degan ularning do'stlari hali ko'p. Biror daftarga yozib har kungi mehmondorchilik ba uchrashuvlarini qayd qilib qo'ygan bo'lishlarigayam ishonaman: bu tabiiy xol. Chunki shinday suhbat qursak, taassurotlarini o'zidan eshitsak  qaniydi deb o'ylab yurganlar orasida biri men ham borman ))
Albatta sportchi qahramonlarimiz bilan suratga tushishni istagan uning qiz do'stlarni ham kam deb o'ylamayman. Maqtanish yoki faxr bilan ijtimoiy tarmoqdagi profiliga qo'yishlari ham tabiuy. Suratga qarab ular shunchaki shunday mehmondorchilikda tushgan suratlari, yolg'iz emasligini ko'rish mumkin. Yana shuni ta'kidlamoqchimanki, bu surat qachon tushilganligi haqda ham ma'lumotga ega emasman. 
Agar yomon niyatda uchrashishgan bo'lganlarida ishonamanki uni tarmoqqa joylashtirmagan bo'lar edilar. 

Xulosam shuki, bir narsani yuz xil qarab turli xil munosabat bildirish mumkin, mana shunday holda keling biz o'z qahramonlarimizni, Jaxon arwnalarida O'zbekiston uchun, siz va mening sha'nim uchun kurashib bizni yanada dunyoga tanitgan yigitlarimizni sha'nini pastga urmaydigan nekbin xulosa qilaylik? Xato ko'rgan bo'lsak, ijtimoiy tarmoqdagi akkuntiga shaxsiy sms yozib nasihat qilaylik?